Москва метросида полиция ходимини отиб ўлдирганликда гумонланаётган 42 ёшли қирғизистонлик Нурлан Муратов ҳибс этилди. Ижтимоий тармоқларда Москвада навбатдаги бор мигрантлардан “зачистка” амалиётлари бошланиши тўғрисида хабарлар тарқалаётган бир пайтда ҳуқуқ ҳимоячилари Москва метрополитенида Росгвардия ходимлари асосан муҳожирларни тўхтатаётганидан хавотир изҳор этмоқда.
Нурлан Муратов полициячини ўлдарганликда гумонланмоқда
Россия ватандоши бўлган 42 яшар Нурлан Муратовга Москванинг “Курская” метро бекатидаги полиция бўлимида полиция ходимини отиб ўлдирганлик айблови эълон қилинди.
Бу ҳақда хабар қилаётган Россия Тергов қўмитаси расмий сайтида айтилишича, қирғиз муҳожирига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 317 моддаси – ҳуқуқ тартибот органи ходими ҳаётига тажовуз асосида жиноят иши қўзғатилган.
- Кечки пайт, 2018 йилнинг 2 сентябрида Москва Метрополитенининг Курская метро бекатидаги қўшимча хонасида бошидан яраланган полиция ходими танаси топилди. Полиция ходими бундан олдинроқ бир шахсни ҳужжат текшириш важи билан тўхтатгани аниқланди, - дейилади тергов идораси билдиришномасида.
Унда яқин кунларда айбланувчига нисбатан жазо чораси сифатида ҳибсда сақлаш бўйича судга мурожаат ҳозирланаётгани маълум қилинган.
"Мен уни ўлдирганим йўқ!"
Тергов қўмитаси айбланувчи борасида ортиқча маълумотни тарқатмаётир.
Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Нурлан Муратов Ўш вилоятининг Қора-Қўлжа қишлоғида туғилган ва 2010 йилда Оренбургда Россия гражданлигини олиб, бола-чақаси билан Москвага кўчиб ўтган.
“Комсомольская правда” нашри 42 ёшли Нурлан 1999 йилда “Боткен воқеалари”даги ҳарбий тўқнашув пайтида бошидан яралангани ва психикаси бироз бузилганини хабар қилди.
Полиция ходими 23 яшар Андрей Райский 3 сентябрь оқшомида ёнидаги пистолет ўқидан ўлдирилган.
Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган назорат камераларидаги видеодан полиция бўлинмасидан чиққан Нурлан Муратов перронда пол юваётган фаррош аёлга нимадир дегани ва келган поездга чиқиб кетганини кўриш мумкин.
Москвада эълон қилинган “Сирена” қўлга олиш режаси асосида Муратов бироз ўтмасдан қўлга олинган.
Терговчилар полициячи Андрей Райский Муратовни ҳужжат текшириш учун тўхтатиб, хонасига олиб киргани, у ерда эса муҳожир ҳожатхонага чиқиш баҳонасида полициячига ташланиб, уни “Макаров” пистолетидан отиб ўлдирганини иддао қилмоқда.
Бироқ, биринчи сўроқ пайтида Нурлан Муратов вазиятни бошқача тасвирлаб берди.
Унинг сўзларига кўра, маст ҳолатда уйидан қайтаётганида Райский уни тўхтатади ва ҳужжат сўрайди.
Россиялик бўлган Нурлан ҳужжатларини уйда қолдирганини айтади.
- У менга эшик олдида туриб туришимни айтди. Кейин у ичкарига кирди ва у ердан битта ўқ овози эшитилди. Ким отганини билмайман – мен эшик олдида эдим. Кейин мен бақиришга тушдим, ёрдамга чақирдим. Қўрққанимдан чиқиб кетдим у ердан. Кетишдан олдин мен тез ёрдам чақиртирдим. Мен уни ўлдирганим йўқ, - деди Нурлан.
Москва метросида текширишлар кучайди
Москвада полициячининг ўлдирилиши ортидан меҳнат муҳожирларига нисбатан навбатдаги “зачистка” ва “рейдлар” ўтказилиши тўғрисида хабарлар тарқала бошлади.
Москва полицияси Андрей Райский бундан олдинроқ ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзгани ва ўлдирилган куни охирги сменаси бўлганини билдирди.
“СМИ-ли” Телеграм канали Россия пойтахти ички ишлардаги аноним манбаларга таяниб Москвада яқин орада норасмий “Гастарбайтер” амалиёти бошланишини хабар қилди.
“Амалда бу Ўрта Осиёдан келган мигрантларнинг иш (қурилиш, магазин, “Жилищник») ва яшаш (ётоқхоналар, ертўлалар, ижарадаги квартиралар) жойларини текширишдир. Виза режимини бузганлар депортацияни кутаётганлар учун “отстойник”ларга жойлаштирилади, қурол ва наркотик билан тушганларни –қамайди, “борзий”ларни – ясайди”, - деб ёзди канал модератори.
Хабарчи бундан олдин Москвада муҳожир таксичилардан бири ЙҲХ ходимини уриб кетганидан кейин “Такси” амалиёти бошлангани ва барча таксичилар “шмон” қилинганини эслатди.
Айни пайтда, Москвадаги ҳуқуқ фаоллари меҳнат муҳожирларига оммавий текшируви авж олганини тасдиқламоқда.
Мигрантларнинг бепул ҳимоячиси Валентина Чупик 3 сентябр кунидан бошлаб унга полиция облавали тўғрисида ўнлаб мурожаатлар бўлгани ва бўлаётганини Озодликка айтиб берди.
- Бу ҳақиқат, кеча кундузги соат 2-лардан бошлаб метрода мигрантларни оммавий тарзда ушлаб қолиш бўйича қўнғироқлар тунггача тинмади. Уларни полиция эмас, Росгвардия ходимлари ушлаётганига эътибор қаратмоқчиман. Улар одамларни ушлаб, ўзларини таништирмасдан, ҳужжатларни талаб қилмоқда. Муҳожирларни жанжалга провокация қилиб, полиция хоналарида калтаклашмоқда. Кечанинг ўзида менга юздан ортиқ одам мурожаат қилди. Бугун эрталабки 10ларгача давом этиб, ҳозир бироз камайди, деди ҳуқуқ фаоли.
Валентина Валентиновна метрополитен прокуратураси ва ҳуқуқ фаолларига полиция бедодлиги устидан мурожаат қилганидан кейин, росгвардиячилар қонунбузарликлари бироз камайди, деди.
- Росгвардия ходимлари бу текширишлар ва калтаклашлар “Курская” метросидаги полициячининг ўлими билан боғлиқ эканини очиқчасига айтишибди. Рязанская метросида калтакланган болларга улар “ Сенлар бизни ўлдираяпсанлар – биз ҳам сенларни ўлдирамиз!”, деб таҳдид қилибди, - деди ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик.