Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини блоггерларни озод этишга чақирди

Ҳибсга олинган ўзбек блогерлари.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон ҳукуматини ижтимоий ва диний мавзуларни ёритаётган блоггерларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. Шунингдек, қўмита диний мавзуни ёритгани учун ҳибс қилинган камида тўрт нафар блоггерни озод қилишни талаб этди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини блоггерларни озод этишга чақирди

CPJ 6 сентябрда тарқатган баёнотда Адҳам Олимов, Зиёдулла Кабиров, Отабек Усмонов ва Хуршидбек Мухаммадрозиқовнинг исмлари келтирилади. Мазкур блоггерлар 28 августдан 2 сентябргача бўлган оралиқда турли шаҳарларда қўлга олинган.

“Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон сўз эркинлиги вазиятни яшилаш масаласида жиддий ҳаракатларни қилмаяпти. Ҳукумат қўлга олинган блоггерларни озод қилиши ва журналистларга ўзбек жамияти учун муҳим бўлган мавзуларни шарҳлашга имконият яратиб бериши лозим”, деб билдирди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Гулноза Саид.

Аввалроқ Озодлик радиоси ўзбекистонлик қатор блоггерлар милицияга олиб кетилиб, кейин 10-15 кунлик ҳибсга ҳукм қилинганлари тўғрисида хабар берган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси блоггерлар "милиция ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларга қаршилик кўрсатишда айбдор деб топилган"ини маълум қилган.

Мана шундай айблов билан 10 кунлик ҳибсга ҳукм қилинган 50 ёшли блоггер Тўлқин Остонов муддатини ўтаб озодликка чиқарилгани хабар қилинди.

Бироқ ҳибс қилингани айтилаётган бошқа блоггерлар - Атхам Олимов (Мусанниф Адҳам), Зиёдулла Кабиров (Зиёвуддин Раҳим), Отабек Усмонов, Хуршидбек Муҳаммадрозиқов, Миразиз Аҳмедов, Дилшодбек Халилов ва Сулаймон Эркин тўғрисида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Ўзбекистонлик қатор блоггерларнинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек контентида норозиликларга сабаб бўлди. 2 сентябрдан шу кунгача ҳибсдаги ўзбек блоггерлари ҳимояси учун эълон қилинган петицияга мингга яқин одам имзо чекди.

Айни пайтда 6 сентябрь куни ўзбек расмий матбуотида “Интернет тармоғи веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги низом” эълон қилинди.

Унга кўра¸ “Тақиқланган ахборот мавжуд бўлган бутунжаҳон Интернет тармоғидаги ахборот ресурслари реестри юритилади ва реестрга киритилган ахборот ресурсларидан фойдаланиш чекланади”.

Бироқ ўзбекистонлик фаоллар бу баҳонада ҳукумат ўзгача фикрдаги ресурсларни ҳам таъқиб остига олишидан ҳавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон ҳар йили "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг "Интернет душманлари" бўлган мамлакатлар рўйхатида тилга олинади.