Бутунжаҳон кўчманчи ўйинлар: Ўзбекистон кўпкари бўйича жаҳон чемпионини енгиб финалга чиқди (ВИДЕО)

Ўйинлардаги от мусобақаларидан бири.

Ўзбекистоннинг кўпкари бўйича терма жамоаси III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида кўпкари бўйича амалдаги жаҳон чемпиони бўлган Қозоғистон жамоасини ярим финалда 5:4 ҳисобида енгиб, финалга йўлланма олди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бутунжаҳон кўчманчи ўйинлар: Ўзбекистон кўпкари бўйича жаҳон чемпионини енгиб финалга чиқди

7 сентябрь куни III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларининг кўпкари бўйича мусобақалари финалида 1- ўрин учун Ўзбекистон ва Қирғизистон жамоалари куч синашади. Қозоғистон эса Россия билан 3-ўрин учун от солишади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон жамоалари ўйини Тошкент вақти билан соат 17да бошланади. Мазкур мусобақани Озодлик радиоси қирғиз хизмати- Азаттикнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли эфирда томоша қилиш мумкин.

Кўпкари бўйича мусобақаларда жами 11 жамоа иштирок этган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбек кўпкаричилари амалдаги жаҳон чемпиони бўлган қозоқларни енгди

III Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида, 7 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси уч олтин, беш кумуш, 17 бронза, жами 25 медалга эгалик қилиб, 77 давлат орасида 7-ўринда бормоқда.

Ўзбекистондан олдинги ўринларни Қирғизистон, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Венгрия ва Эрон эгаллаб турибди.

Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон спорт делегацияси жами 76 кишидан иборат. Ўзбек спортчилари 13 та спорт тури бўйича беллашади. Ўзбек делегациясига жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев раҳбарлик қилмоқда.

2014 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта Қирғизистонда ўтказилиб келинган мазкур ўйинларда Ўзбекистон расман биринчи марта иштирок этмоқда.

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 2 сентябрь куни бошланган ва 8 сентябрда якунланадиган ушбу ўйинларда 50 та спорт тури бўйича 500 дан ортиқ комплект медаллар жамланмаси ўйналади. Ўйинларда дунёнинг 77та давлатидан келган 1500дан кўпроқ спортчи иштирок этмоқда.

Иссиқкўлда ўтаётган ўйинларнинг очилиш маросимида Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Туркия президенти Режаб Тойип Эрдўғон, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев,Татаристон президенти Рустам Минниханов, Венгрия бош вазири Виктор Орбан, Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра амирлиги шаҳзодаси Муҳаммад бин Ҳамад бин Муҳаммад ал Шарқий иштирок этди.