Тошкент давлат аграр университетида 10 сентябрь куни Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштиришга бағишланган халқаро семинар ўтказилди.
“Кун уз” нашрининг ёзишича: “семинарга аччиқ қалампир етиштириш бўйича илғор тажрибага эга бўлган Индонезия ва Жанубий Корея давлатидан бир гуруҳ олим ва малакали мутахассислар, шунингдек, бутунжаҳон сабзавотчилик марказининг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳудуди бўйича минтақавий ваколатхонаси вакиллари, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ташриф буюрди”.
Семинарда, шунингдек, Жанубий Корея ва Индонезияда етиштириладиган аччиқ қалампир навларини Ўзбекистон шароитида етиштириш, ҳоисилни экспорт қилиш муҳокама қилинди.
Семинар якунида Индонезия ва Ўзбекистон мутахассисларини кейинги ҳамкорлиги бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Ўзбекистонда аччиқ қалампир етиштириш ғоясини 2017 йил декабрь ойида Қорақалпоғистонга борган Шавкат Мирзиёев кўтарган эди. У паст ҳосилли пахта далаларини қисқартириш, уларнинг ўрнида 60-80 кунда пишиб етиладиган экспортбоп аччиқ қалампир экишга топшириқ берган.
Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 62-сонли қарори билан жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биринчи марта 15 минг гектар майдонда аччиқ қалампир етиштирилмоқда.