Ўзбекистонда пахта теримида теримчиларга тўланадиган ҳақ оз бўлгани учун мажбурий меҳнат қўлланилиб келинган. Бундай муносабатни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев билдиргани тўғрисида “Кун уз” нашри хабар берди.
Вазирга кўра, тўланадиган ҳақ оз бўлгани учун ҳеч ким ўз хоҳишича пахта теришни истамаган. Шунинг учун ҳукумат пахта теримига давлат хизматчилари ва талабаларни мажбурий жалб қилган.
Вазирнинг айтишича. 2018 йилда бу каби ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда, теримчиларга тўланадиган иш ҳақи миқдори оширилган.
“Жойларда раҳбарият пахта теришга мажбурламаслиги учун пахта терими учун катта маблағлар ажратилган. Ушбу жараён ўз хоҳишича, кўнгилли бўлиши лозим. Ҳозирда биз бу анъанани ўзгартирмоқчимиз”, деб қўшимча қилган Кудбиев.
Жорий йилда, ҳосилни йиғишнинг дастлабки босқичида, шартнома 60 фоизга бажарилганда, пахта терувчиларга 1 кг пахта учун 650 сўм, 2-босқичда, яъни шартнома 80 фоиз бажарилганда – 850 сўм, 3-босқичда эса (80 фоиз ва ундан кўпроқ) минг сўм тўланади.
2017 йилда пахтани қўлда териш учун тўланадиган меҳнат ҳақи 450, 500 ва 700 сўмни ташкил қилган.
"Вазирликнинг баҳолашича, ҳозирги нархлар билан бир киши пахта теримидан 40 кун ичида 3 млн сўмга яқин пул ишлаб олиши мумкин", дейилади хабарда.