Ўзбекистондаги ягона интернет монополисти ҳисобланган “Ўзбектелеком” 11 сентябрь куни Facebook ижтимоий тармоғига киришдаги муаммоларга оид янги баëнот эълон қилди.
“Facebook вакили узилишлар табиати маҳаллий эмас, балки глобал эканлиги ҳақида расмий баёнот берди: Марказий Осиё ва Шимолий Европадаги бошқа мамлакатларда ҳам шундай муаммолар кузатилмоқда”¸ дейилади давлатга қарашли миллий компания расмий баëнотида.
Айни пайтда¸ компания тарқатган расмий маълумотда қайси Facebook вакилининг¸ қачон ва қаерда “глобал узилишлар” ҳақида баëнот берганига ойдинлик киритилмаган.
3 сентябрь куни Facebook, WhatsApp ва Instagram тармоғида айрим узилишлар бўлгани ва бу ширкатлар тармоқдаги носозликнинг бир неча соат ичида тузатилгани хабар қилинган эди.
Ўзбекистондаги Facebook муаммолари 5 сентябрдан бошланган ва 11 сентябрда ҳам давом этаëтгани кузатилмоқда. Айни пайтда¸ Facebookка чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга имкон берувчи VPN орқали киришда муаммолар йўқлиги айтилмоқда.
Озодлик суҳбатлашган ахборот технологиялари бўйича мутахассислар¸ ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчилари дуч келаëтган муаммо сабаби маҳаллий характерга эга эканини таъкидламоқда.
“Ўзбектелеком” компаниясининг 11 сентябрь кунги баëнотида “ижтимоий тармоқларга миллий оператор томонидан чеклов қўйилганлиги ҳақида маълумот” фойдаланувчиларни чалғитувчи хабар сифатида инкор этилди.
“Бугунги кунда «Ўзбектелеком» АК маълумотлар узатиш тармоғи мунтазам равишда ишлаб турибди”¸ дейилади расмий баëнотда.