11 сентябрда Россиянинг марказий ва шарқий ҳарбий округларида 1981 йилдан бери кузатилмаган кенг кўламли ҳарбий машғулотлар бошланди.
Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг билдиришича¸ “Восток-2018” деб номланган бу машғулотларда 300 мингдан ошиқ аскар қатнашмоқда. Мазкур машғулотларда мингдан ошиқ учувчи аппарат¸ 36 мингга яқин танк ва Тинч океан флоти ва Шимолий флот денгизчилари¸ 80 га яқин жанговар кема ҳам иштирок этади.
11-13 сентябрь кунлари Владивостокда ўтказилаëтган иқтисодий форум доирасида Хитой президенти билан учрашиши кутилаëтган президент Путиннинг мазкур машғулотларни ҳам томоша қилиши режаланган.
Кремль матбуот хизматининг билдиришича¸ "Восток-2018" машғулотларида Хитой ВА Монголия ҳарбийлари ҳам иштирок этади.
Россиянинг СССР қулаганидан бери мисли кўрилмаган даражадаги ҳарбий машғулот ўтказиш режаси Москва ва Ғарб муносабатлари Қрим аннексияси¸ Кремлнинг шарқий Украина ва Суриядаги урушга аралашуви ва АҚШ президентлик сайловидаги роли каби муаммолар боис кескинлашиб бораëтган бир пайтга тўғри келди.
СССР қулаганидан бери мисли кўрилмаган бу даражадаги ҳарбий машғулотлар бориши НАТО томонидан яқиндан кузатилмоқда.