Москванинг Кузминский туман суди асли қирғизистонлик 20 яшар таксичи Бекжан Сарбишевни 8 ноябрга қадар ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Россия гражданлигини олган Бекжан 9 сентябрь тонгида 11 кишини ўз машинасида қасддан босиб кетганликда айбланмоқда. Хабарларга кўра¸ жабрланувчилардан биттаси ўлган, тўрттаси оғир аҳволда ва яна олти киши ўртача жароҳат билан касалхонага ëтқизилган.
Россия Тергов қўмитаси эълон қилган расмий хабарга кўра¸ 9 сентябрга ўтар кечаси “Марьино” метро бекати яқинида жойлашган “Аура” кафесида зиёфат қилаётган бир гуруҳ қирғизистонлик ўртасида жанжал чиққан.
“Дастлабки маълумотга кўра, можаро “Аура” тунгги клубида содир бўлган. Жанжал иштирокчилари кўчага чиққанида улардан бири машинасида қолганларни босиб кетган”, дейилади Қирғизистон ИИВ расмий хабарида.
Ушбу жиноятни содир этганликда айбланиб Россия граждани 21 яшар Бекжан Сарбишев ҳодиса жойида ҳибсга олинган.
Қирғиз полицияси жароҳат олган 11 кишидан ўнтаси қирғизистонликлар экани, улардан бири – 1997 йилда туғилган А.Абдисамат ўғлининг шифохонада вафот этганини маълум қилди.
Полицияда сўроққа тутилган Бекжан Сарбишев жабрланганлар ўзини кафе ташқарисида калтаклаганидан сўнг улар устига машина ҳайдаганини айтган.
Бекжоннинг онаси Жилдиз Ибраимова ўғлининг ўз синглисини ҳимоя қилиш учун жанжалга аралашганини иддао қилади.
- Биз ўша кафеда яқинларимиз билан эдик. Соат тунгги 2-ларда уйга кетдик, ёшлар эса қолди. Ўғлим синглиси ва унинг дугоналарига қараб қолди. Кейин бир гуруҳ болалар қизларга тегажоғлик қилиб, уларни ҳимоя қилган ўғлимни урибди. Ўғлим ичмайди, чекмайди, у 2-гуруҳ ногирони, яхши эшитмайди. Ўғлимни эрталаб соат 6 да қўнғироқ қилганидан бери кўрганим йўқ. Терговчилар ҳам ўғлимни бу болалар тўдалашиб урганини тасдиқламоқда, деди айбланувчининг онаси.
Жилдиз ҳалок бўлган боланинг яқинлари билан учрашиб улардан кечирим сўрагани ва жасадни Қирғизистонга юборишда кўмаклашаётганини билдирди.
Тергов қўмитасининг билдиришича¸ экспертиза хулосаси айбланувчи Бекжан Сарбишевнинг воқеа пайтида маст бўлмаганини тасдиқлаган.
Москва полициясининг Озодлик боғланган расмийси Сарбишевни калтаклаган ва унинг синглисига тегажоғлик қилган шахсларнинг ҳам безорилик моддаси асосида жавобгарликка тортилганини билдирди.
Айни пайтда, Озодлик суҳбатлашган ўзбек ва қирғиз меҳнат муҳожирлари бу каби ҳодисалар москваликлар орасидаги мигрантларга қарши кайфиятни кучайтраëтганидан ташвиш билдирди.
Бундан бир неча ой олдин қирғизистонлик яна бир таксичи Чингиз Анарбек уулу Москва марказида пиëдалар устига машина ҳайдагани оқибатида бир неча одам¸ жумладан мексикалик футбол ишқибозлари тан жароҳати олган эди.
Ўтган ҳафта Москва метросининг Курская бекатида полиция ходимини ўлдирганликда айбланиб яна бир асли қирғизистонлик Нурлан Муратов қўлга олинди.
Бу воқеалар ортидан 9 сентябрь куни Москвадаги қирғиз диаспораси кенгаши йиғилишида Россия пойтахтидаги тунгги клуб ва кафеларда назоратни кучайтириш ва мигрантлар томонидан қонун ва тартиб-қоидаларни ижро этишга қаратилган тадбирлар ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Озодликка маълум бўлишича, ҳозирда Москвада қирғизистонликлар бошқараётган 50 зиёд кафе-ресторан ва тунгги клублар мавжуд.