Ўзбекистон ҳарбийлари АҚШдаги машғулотларда иштирок этмоқда

АҚШ Марказий қўмондонлиги ҳомийлигидаги минтақавий ҳамкорлик машқлари 2001 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинади.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича¸ жорий йилнинг 10-21 сентябрь кунлари Массачусетсдаги Camp Edwards базасида кўпмиллатли ҳарбий машғулотлар бўлиб ўтмоқда.

“Минтақавий ҳамкорлик – 2018” деб номланган йиллик машғулотларда Афғонистон¸ Монголия¸ Тожикистон ва Ўзбекистондан келган 200 дан ошиқ ҳарбий ва қозоғистонлик кузатувчилар иштирок этмоқда.

2001 йилдан бери ўтказиб келинаëтган бу қўшма машқларда асосий эътибор¸ расмий хабарга кўра¸ "чегара хавфсизлиги¸ террорчилик¸ наркотиклар ва ноқонуний қурол-яроғ савдосига қарши кураш” усулларига қаратилади.

АҚШ ҳарбийлари кўмагида машғулот қатнашчиларининг айнан шу соҳадаги курашни мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришдан сабоқ олаëтгани айтилмоқда.

Минтақавий ҳамкорлик ҳарбий машқларининг бундан аввалгиси 2017 йил июлида Тожикистонда ўтказилган эди.