Kun.uz нашри Олий суддаги исми айтилмаган манбасига таянган ҳолда собиқ бош прокурор Рашид Қодиров ҳамда Тошкент прокурорининг собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаевга нисбатан суд жараёни бошлангани тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланмагани тўғрисида хабар берди.
Ўзбек матбуотида 12 сентябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида Рашид Қодиров ва Мирағлам Мирзаев суди бошлангани хабар қилинган эди.
Олий суддаги манба тергов жараёни давом этаётгани, собиқ прокурорлар бўйича иш туман судида кўриб чиқилмаслигини маълум қилган.
Бош прокуратурани 15 йил давомида бошқарган ва 2015 йил апрелида ишдан олинган Рашид Қодиров жорий йилнинг 22 февралида Тошкентда товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларда айбланиб ҳибс қилинган эди.
Мазкур иш доирасида бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари бўлмиш Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ҳам қўлга олинганди.
Кейинроқ ушбу иш доирасида яна ўндан ортиқ киши қамоққа олинди. Улар орасида Мирағлам Мирзаев ҳам бор.
«Қодиров иши» иши доирасида жами 21 киши қамоққа олинган.