Уч оқсоқол Ўшдан Тошкентгача 300 километр югурди (ФОТО)

Оқсоқоллар марафонининг уюштирувчиси 75 ёшли Ҳусанбой Сотволдиев.

Ўшлик уч нафар оқсоқол Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллиги, машхур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг90 йиллиги хамда Ўзбекистон ва Қирғизистон мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўшдан Тошкенга югуриш марафони ўтказди.

Ўшлик 75 ёшли Ҳусанбой Сотволдиев, СССР спорт устаси Зулумбек Ҳабибуллаев, спорт усталигига номзод Курсан Сидиқов Ўш-Тошкент йўналиши бўйича югуриш марафони ўтказди.

Асли касби фельдшер бўлган Ҳусанбой ота Озодлик радиосига 420 километрлик Ўш - Тошкент йўлининг 100 километрдан ортиғроғи бўлган Қамчиқ довонини машинада, қолган 300 километрини югуриб ўтишганини айтди.

Бир неча кун аввал оқсоқол марафончилар ўз ватанига қайтиб келди. Оқсоқоллардан бири, тадбир ташкилотчиси Ҳусанбой Сотволдиевга кўра, марафондан мақсад ёшларни спортга тарғиб қилиш бўлган.Унинг айтишича, спорт билан шуғулланган одам тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар истеъмол қилиш каби турли иллатлардан ҳоли бўлади.

Ҳусанбой Сотволдиевнинг айтишича, у аввалига 17 август куни Ўшдан чиқиб, 1 сентябрь куни Тошкентда бўлишни режалаганди. Бироқ хужжат тўғрилаш ишларидаги муаммолар режаланган муддатда марафонни бошлаш имконини бермаган. Айни пайтда унга Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Енгил атлетика федерацияси томонидан Тошкентга 9 сентябрга етиб келиш таклиф қилинган.

- 27 август куни бу ердан чиқиб кетдик, 8 сентябрга Тошкентнинг “Роҳат” постига етиб бордик. Бизни республика спорт вазирлиги, вазирлар чиройли кутиб олишди. Ундан кейин бизга “9 сентябрда Тошкентда шаҳар ичида Мустақиллик марафони бўлади 10 километрга, шунда хам қатнашиб берсанглар яхши бўларди”, деган таклиф бўлди. Биз ўша таклифни ҳам қабул қилиб, бажариб келдик, -дейди Ҳусанбой ота.

Ўшлик уч оқсоқол 300 километр югуриб Тошкентга борди

Ҳусанбой отага кўра, марафонда камида 15-20 минг одам иштирок этган. У билан Тошкентгача югурганСССР спорт устаси Зулумбек Ҳабибуллаев, спорт усталигига номзод Курсан Сидиқов ҳам “Мустақиллик марафони”да иштирок этган.Марафонда биринчи ўринни қирғизистонлик Курсан Сидиқов эгаллаган.

Суҳбатдошга кўра, ҳар бир ишнинг ўз қийинчиликлари бор. Тошкентга сафарда ҳам улар шу каби бюрократик тўсиқларга дуч келишган.

- Андижонда энг арзон меҳмонхона 40 доллар экан. Биз ҳисоблаб чиқсак, чўнтагимиз бу пулга чидамади. Шунинг учун танишларнинг уйида ётдик. Кейин Ўзбекистонда прописка қилмасак бўлмас экан. Бизни мана бу қилган хужжатларимиз улар учун икки пул экан. Бир ойга учетга қўйишар экан. Биз Андижонда 3 кун ўша ишни қилдик, - дейди суҳбатдош.

Ҳусанбой Сотволдиевнинг касби фелдьшер, спорт усталигига номзод. Бундан аввал ҳам Ўш ва Бишкекда, Совет даврида Россияда ўтган югуриш мусобақаларида иштирок этган.

- Ёшлар чекишни ташласа, ароқ ичишни ташласа, ёмон йўлга юрмасдан спортни қайси тури бўлса ҳам шуғулланса, мен ўзимни бахтли деб биламан, мақсадимга етган бўламан, - дейди 75 ёшли оқсақол.

Ўшда Ҳусанбой ота каби спортга қизиққан қариялар анчагина. Масалан, шу йилнинг май ойида 70 ёшни қоралаган ўшлик Мамит Таштанов Тошкентга велосипедда саёҳат қилган эди.