Наманганда ўт ўчирувчилар 12 одамни ёнғиндан қутқарди

Иллюстратив сурат.

Наманган шаҳридаги «Янги тонг» маҳалласида жойлашган 4 қаватли уйда чиққан ёнғин пайтида ўт ўчирувчилар 12 нафар одамни оловдан қутқариб чиқди.

Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг 16 сентябрда билдиришича, ёнғин 13 сентябрда «Янги тонг» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5А кичик туманида жойлашган 19-уйнинг 35-хонадонда юз берди.

Ёнғин чиқишига электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлгани айтилмоқда. Ёнғинда хонадоннинг 20 квадрат метр майдони ва уй жиҳозлари ёниб кетган.

“Ёнғинни ўчириш вақтида ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан махсус техника ёрдамида 4-қаватда жойлашган 4 та хонадондан 12 нафар шахс қутқариб қолинди. Қутқарилган шахслардан бир нафари ногирон, бир нафари чақалоқ ва тўққиз нафари аёллар”, дейилади хабарда.