АҚШнинг дин масалалари бўйича элчиси Тошкентда президент Мирзиёев билан музокаралар ўтказади

АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк .

АҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк 17 сентябрь куни Тошкентга келади.

Ташқи ишлар вазирлиги Сэм Браунбэк президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши кутилаётганини маълум қилди.

Халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчи Тошкентда Олий Мажлис Сенати, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, муфтиятда ҳам учрашувлар ўтказади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида делегация аъзолари «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этади.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик чекланган давлатлар қаторига киритган.

“Янги раҳбарият ўтган бир ярим йил ичида вазиятни тузатишни бошлади, лекин жараён секин”, дейилади АҚШ Давлат департаментининг диний эркинликларга бағишлаб май ойида эълон қилган ҳисоботида.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов етакчилигидаги делегация 24-27 июль кунлари АҚШда диний эркинликни таъминлаш масалаларига бағишланган вазирлар анжуманида иштирок этган ва Сэм Браунбэк билан учрашган эди.

Ўша учрашув пайтида Браунбэк сентябрь ойида Ўзбекистонга ташриф қилишини билдирган.