Петербургда беш кунлик чақалоқни сотаётган ўзбекистонлик аёл қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Россия Тергов қўмитаси Петербургда янги туғилган ўғил боласини сотмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноят иши очди.

Новости агентлигининг билдиришича, аёл чақалоқни 280 минг рублга сотишга ҳаракат қилганликда гумонланмоқда.

Хабарда айтилишича, 27 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан одам савдоси моддаси билан жиноят иши очилган. У 12 сентябрда Кораблестроители кўчасидаги уйлардан бирида 7 сентябрда туғилган боласини “харидор”га сотаётганда қўлга олинган.“Харидор” тезкор-қидирув амалиётида иштирок этаётган полиция ходими бўлган.

“Айни пайтда аёлни ҳибсда сақлаш ва унга айблов эълон қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Чақалоқ болалар уйига жойлаштирилди”, дейилади расмий хабарда.