Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 18 сентябрь куни эрталаб соат 7:45да йўналишдаги Isuzu автобусда газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди.
Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги тарқатган расмий маълумотда айтилишича, 4 йўловчи воқеа жойида, 1 йўловчи эса касалхонага олиб келинганида вафот этган.
Автобусда бўлган жами 26 йўловчидан яна 5 нафарининг аҳволи ўта оғир. Улар Республика тез тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалига олиб кетилган.
7 нафар йўловчи ўртача оғирликдаги жароҳатларни олган. 9 нафар йўловчи эса енгил жароҳатлар билан Когон туман тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Аҳволи ўта оғир бўлган беморларга ёрдам кўрсатиш учун Тошкентдан Республика тез тиббий ёрдам илмий марказининг ходимлари бўлган хирург, нейрохирург ва реаниматолог тиббиёт авиацияси воситасида Бухорога юборилди.
Автоҳалокат сабабларини ўрганиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.