Ўзбекистонда Атом электр станцияси қурилиши Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг тавсиялари, халқаро меъёр ва қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Бу ҳақда МАГАТЭнинг 62- Бош Ассамблеясида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев маълум қилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, йиғилиш доирасида Ўзбекистон делегацияси МАГАТЭ раҳбарияти ва бошқа давлатлар ҳамда ширкатлар вакиллари билан атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича музокаралар ўтказади.
Агентлик йиғилишги Австрия пойтахти Венада 17 сентябрь куни бошланган ва 21 сентябрда якунланади.
Йиғилишда Ўзбекистон Бош Ассамблея иштирокчиларини жорий йилнинг 7 сентябрида Москвада Ўзбекистон ва Россия атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро шартнома имзолангани тўғрисида хабардор қилди.
Ўзбекистонда Росатом билан ҳамкорликда қуриладиган атом электр стансиясини 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган.