22 сентябрь куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Хизер Науэрт Эрондаги ҳарбий парадга уюштирилган ҳужумни қоралаб, баёнот тарқатди.
"Қўшма Штатлар ҳар қандай террор ҳаракатини ҳамда бегуноҳ одамлар қони тўкилишини қоралайди. Биз радикал исломий террор балосига қарши курашда Эрон халқи билан биргамиз ва уларга ушбу аянчли кунларда ҳамдардлик билдирамиз", деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби.
Аввалроқ Эроннинг расмий IRNA агентлиги “бу борада маълумотга эга” манбаларга таянган ҳолда ҳарбий кийимдаги жангарилар Аҳвоз шаҳрида бўлиб ўтаётган парад иштирокчиларига ҳужум қилганини хабар қилган эди.
Ҳужумчилар Эрон билан Ироқ ўртасида 1980-88 йилларда содир бўлган уруш хотирасига бағишланган йиллик парадни томоша қилиш учун тўпланган расмийларни нишонга олган.
22 сентябрь куни Аҳвоз шаҳрида бўлиб ўтаётган ҳарбий парад қатнашчиларига қилинган ҳужумда камида 25 одам ҳалок бўлди, 60 одам жароҳат олди.