Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида илк маротаба ўтказилган қўшма ўқув машғулотлар 24 сентябрда якунланди.
Аввалроқ Озодлик радиоси мазкур аксилтеррор машқлари 18 сентябрь куни шимолий Тожикистондаги Чоруқдаррон полигони ва “Нурафшон” ўқув марказида бошлангани тўғрисида хабар берган эди.
Расмий маълумотларга қараганда, машқларда 17 мингга яқин аскар, зобит ва ҳарбий хизмат ëшидагилар иштирок этган.
Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ориф Нозимовнинг Озодликка билдиришича, ушбу машқлар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари кейинги 27 йил ичида ўтказган энг катта қўшма машғулот бўлди.
“Сўғд вилоятида бўлиб ўтган машғулотлар жараёнида икки давлат ҳарбий хизматчилари учувчисиз учиш қурилмалари ёрдамида маҳаллий аҳолини асирга олган шартли террористлар гуруҳини аниқлади.
Жангариларнинг ҳарбий таъминот тузилмалари авиация ва артиллерия ёрдамида вайрон этилгач, икки давлат ҳарбий хизматчилари террористларни йўқ қилиш ва асирларни озод қилиш бўйича операция ўтказди”, дейилади хабарда.
Машғулотлар якунида Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Тожикистон ҳарбий хизматчиларини «Ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирлади. Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари эса Тожикистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.