Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар 2019 йил 1 июлдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Мазкур маблағ миқдори 9 215 сўмга тенгдир. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Адлия вазирлигининг билдиришича, бундай рағбатлантириш йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори доирасида қўлланилади.
Бундан ташқари ҳукумат қарорига асосан транспорт воситасидаги видеорегистраторлар қайд этган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган техника (фото ва видеорадар) қайд этган видеоёзувларга тенглаштирилади.
Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб жорий этилади.
Қарорла ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги таъкидланган.