Македония президенти Гёрге Иванов фуқароларни мамлакат номини ўзгартириш юзасидан 30 сентябрда ўтадиган референдумни байкот қилишга чақирди.
27 сентябрда бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида чиқиш қилган Иванов референдумни «тарихий худкушлик» деб атади.
30 сентябрда Македония номини "Шимолий Македония"га ўзгартириш масаласида референдум ўтказилиши кутилмоқда. Дастлабки сўров натижаларига қараганда, янги ном тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилмоқда. Македонияда 1,8 млн сайловчи қайддан ўтган.
Грециянинг бир вилояти ҳам Македония деб аталиши туфайли, Афина келажакда ҳудудий ихтилоф чиқишининг олдини олиш мақсадида 1991 йилдан бери Македониядан ўз номини алмаштиришни талаб қилиб келаётган эди.
Македония билан Греция ўртасида 2018 йилнинг июнида эришилган келишувга биноан, агар Македония ўз номини ўзгартирса, унинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун йўл очилади.
Македония президенти Гёрге Иванов мамлакат номини ўзгартириш борасида Бош вазир Зоран Заев Греция билан эришган шартномани тасдиқлашдан бош тортган. Унинг фикрича, номнинг ўзгартирилиши Конституцияга хилофдир.