БМТ Хавфсизлик кенгашининг 27 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғинида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И кейинги пайтларда Шимолий ва Жанубий Кореялар ўртасида кузатилган “ижобий ўзгаришлар” ҳамда АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги алоқалар яхшилангани туфайли кенгаш ўтган йилда жорий қилган санкцияларнинг айримлари бекор қилиниши кераклигини айтди.
Россия Хитойнинг Пхеньяннинг ядровий дастурига қарши жорий қилинган санкцияларни қайта кўриб чиқиш таклифини қўллади. Хусусан, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров санкциялар “коллектив жазо”га айланмаслиги кераклигини, Шимолий Кореяга “ижобий сигнал” бериш вақти келганини таъкидлади.
Аммо АҚШ давлат котиби Майк Помпео санкцияларни енгиллатишга қарши чиқди. Котиб Шимолий Корея ўз ядровий дастуридан воз кечиш учун муайян чора кўрмагунича санкциялар ўз кучида қолиши кераклигини таъкидлади.
Помпео Шимолий Корея музокара қилишга рози бўлишига айнан санкциялар туртки бўлганини, ҳозир Пхеньянга бўлган босимни юмшатиш вақти эмаслигини айтди.