Наманган вилояти Чуст туман ҳокимининг ўринбосари Шарафутдин Юсупжонов 1800 доллар пора олаётганда қўлга тушди.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида бу борада берилган хабарда айтилишича, Чуст туманида яшовчилардан бири Юсупжоновга боғдорчилик хўжалиги учун 5,3 гектар ер ажратиш илтимоси билан мурожаат қилган. Ҳоким ўринбосари эса бунинг эвазига 2000 доллар талаб қилган.
Туман ҳокими ўринбосари Давлат хавфсизлиги хизмати Наманган вилоят бошқармаси ва прокуратура ходимларининг қўшма амалиёти пайтида пора олаётганда ушланди.
“Айбланувчига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (порахўрлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Сўнгги пайтларда ўзбек матбуотида маҳаллий амалдорлар пора билан қўлга олинаётгани тўғрисида тез-тез хабарлар пайдо бўлмоқда.
25 сентябрда Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳокими ёрдамчиси ва туман молия бўлими раҳбари 21 миллион сўм пора олаётган пайтда қўлга тушгани хабар қилинди.
Аввалроқ Самарқанд почтаси раҳбари Шерали Умаров ўз иш хонасида 40 минг доллар олаётганида қўлга туширилган.
11 сентябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов пора олаётганда қўлга олингани хабар қилинган эди.
17 сентябрда эса Андижон шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича бош мутахассиси Тўхтамурод Қодиров 16 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда ушланган.