Туркманистон халқаро ҳамжамиятни Орол муаммосини ҳал қилишда ёрдам кўрсатишга чақирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов халқаро ҳамжамиятни Орол денгизи муаммосига эътибор қаратишга чақирди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида 29 сентябрда сўзлаган нутқида Бердмуҳаммедов:

-Орол денгизини сақлаб қолиш масаласини бундан буён минтақанинг ички муаммоси сифатида талқин қилиб бўлмайди. Бу муаммонинг ижобий ҳал қилиниши учун халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами зарур,-деб айтди.

Унга кўра, шу муносабат билан Туркманистон ташаббуси билан Орол денгизи юзасидан БМТнинг махсус дастури лойиҳаси тайёрланмоқда.

“Орол муаммосини БМТ фаолиятининг алоҳида йўналишига айлантириш зарур. БМТга аъзо давлатларни таклифимизни қўллаб-қувватлашга чақираман”, деди Бердимуҳаммедов.

Жорий йилнинг 18 апрелида БМТ Бош Ассамблеяси “БМТ ва Оролни қутқариш халқаро фонди ўртасидаги ҳамкорлик” тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган эди.

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Марказий Осиёдаги беш мамлакат – Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан таъсис этилган.