Ўзбек-Ҳинд музокаралари якунланди. 20 та ҳужжат имзоланди

Нью-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган president.uz сайтига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Қўшма баёноти қабул қилинган.

Ташриф доирасида илмий-техник ҳамкорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм, ҳарбий таълим, адлия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, фармацевтика,космосни тинч мақсадларда тадқиқ этиш ва бошқа соҳаларга доир 20 та ҳужжат имзоланди.

Шунингдек, Андижон вилояти ва Гужарат штати,Самарқанд шаҳри ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Эркин фармацевтика зонасини ташкил этиш тўғрисида битимлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган брифингда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳиндистон билан алоқаларга устувор аҳамият қаратиши, амалий руҳда ўтган музокаралар томонларнинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлаганини таъкидлади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олингани қайд этилди.