Қашқадарёдаги тўйда заҳарланганларни уйма-уй юриб аниқлаш, беморларни даволаш ва овқатдан заҳарланиш ҳолатлари профилактикаси юзасидан тадбирлар давом эттирилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий матбуот Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб 1 октябрь куни маълум қилди.
Расмий билдирувда айтилишича, тўйда қатнашган фуқароларнинг уйларига бориб, патронаж ўтказиш учун оилавий поликлиникалардан 108 нафар ва шаҳар ДСЭНМдан 40 нафар мутахассис жалб этилди. Натижада, тўйда қатнашганлар орасида касаллик белгилари бўлган фуқаролардан 42 нафари аниқланиб, шифохонага ётқизилди.
Вазирлик томонидан 30 сентябрь куни одамлар заҳарланган «Бахтли оила» тўйхонасида ўтказилган ўрганишларда санитария нормаларига амал қилинмагани, масаллиқларни сақлаш учун зарур шарт-шароитлар йўқлиги аниқланди.
Текшириш вақтида 21 нафар ошхона ишчи-ходимларидан биологик намуналар, ташқи муҳит объектларидан эса 158 та намуна олиниб, лабораторияга топширилди.
Уйма-уй юрган махсус гуруҳ текширувлари натижасида жами 74 киши - 18 ёшгача бўлган 4 нафар, 10 эркак ва 60 аёл киши касаллангани аниқланган.
Булардан 72 нафари шфохонада қолаётгани, уларнинг аҳволи ўртача енгил экани хабар қилинди.
30 сентябрь куни эрталаб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, 28 сентябрь куни 16 киши, 29 сентябрь куни яна 7 киши овқатдан заҳарланиб, шифохонага тушганини хабар қилган эди.