Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги йўлда автбус ичида тириклайин ёниб кетган 52 нафар ўзбекистонликнинг яқинлари мазкур иш юзасидан ўтказилаётган суд жараёнида ҳар бир судланувчидан 150 миллион тангадан товон пули талаб қилмоқда.
Қозоқ матбуотининг 3 октябрда ёзишича, ўзбекистонликлар талаб қилган товон пулининг умумий миқдори 7 миллиард 800 миллион тангани ёки 21 миллион доллардан ортиқни ташкил қилади.
Ёниб кетганларнинг қариндошлари биринчи марта бундай талабни 11 сентябрда билдирган эдилар. Бироқ ўшанда талаб қилинадиган товон пули миқдори номаълум бўлгани учун конкрет рақам айтилмаган эди.
Ўшанда жабрланганганларнинг адвокати Жазира Садиқбекова томонларнинг мунозараси бошлангунга қадар моддий ва маънавий зарар миқдори белгиланишини маълум қилганди.
Суднинг биринчи мажлиси 24 июль куни ўтказилган. Асосий жараён эса 3 сентябрдан бошланган. Унда ёниб кетган ўзбекистонликларнинг 11 нафар яқин қариндоши иштирок этмоқда.
Айбланаётган 5 кишидан уч нафари ёниб кетган автобус ҳайдовчиси, икки нафари “Азия транзит сервис” корхонаси таъсисчиси ва механигидир.
Шу йилнинг 18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси тириклайин ёниб кетганди.
Ёнаётган автобусдан фақат 5 киши – автобуснинг 3 ҳайдовчиси ва ўзбекистонлик 2 йўловчи қочиб чиқишга улгурган.