Россия президенти Владимир Путин рус разведкасининг собиқ ходими ва Британия разведкаси жосуси Сергей Скрипални “ватан хоини” ва “аблаҳ” деб атади.
3 октябрда Москвада ўтган энергетика форуми доирасида Скрипалнинг Британияда “Новичок” газидан заҳарланиши ортидан Лондон Россияга жорий этган санкциялар тўғрисидаги саволга жавоб берар экан, Путин:
-Айримлар Скрипални деярли ҳуқуқ фаоли деб атамоқда. У оддий жосус ва ватан хоини. Сиз тушунаяпсизми? У ўз ватанининг хоини,-деб айтди.
Путин Скрипаль ва унинг қизининг заҳарланиши ортида Россия тургани тўғрисидаги иддаоларни яна бир бор инкор қилди.
Буюк Британия Скрипаллар "Петров" ва "Боширов" деган шахслар томонидан заҳарлангани аниқланганнини билдирган эди. Улар 2018 йил 2 март куни Россия паспорти билан Буюк Британияга учиб келган ва "Новичок" заҳарли моддасини қалбаки Nina Ricci атрининг флаконида олиб келган.
Bellingcat нашшри 20 сентябрь куни “Руслан Боширов” ва “Александр Петров” номи билан маълум гумонланувчилар аслида Россия ҳарбий разведкасига алоқадор эканлиги аниқланганини хабар қилган эди.
Bellingcat сайти ҳамда унинг тергов бўйича шериги The Insider интернет нашри ходимларига кўра, улар “Руслан Боширов”нинг ҳақиқий исмини аниқлашган – у ГРУ полковниги, Россия Қаҳрамони Анатолий Чепигадир.