Президент Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 октябрь кунлари Францияга расмий ташрифи чоғида умумий қиймати 4 млрд. еврога тенг бўлган шартномалар имзоланиши айтилмоқда. Бу ҳақда Turon24 агентлиги Европа истиқбол ва хавфсизлик тадқиқотлари институти (ЕИХТИ) президенти Эммануэл Дюпюига таяниб хабар қилди.
Хабарда айтилишича, агентлик мухбири билан суҳбатда ЕИХТИ президенти имзоланажак шартномаларнинг асосий қисми энергетика соҳасига оидлигини айтган.
Агентлик Эммануэл Дюпюидан келтирган иқтибосда: "Orano (собиқ Areva) компанияси билан ҳамкорлик қилиш ва сизнинг мамлакатингизда атом электростанцияси қурилиши эҳтимолига боғлиқ. Бу кутилаётган шартномалардан бири", дейилади.
Бундан ташқари, ЕИХТИ президенти ушбу ташриф доирасида икки давлат ўртасида фазовий тадқиқотлар бўйича ҳамкорликка доир келишувлар имзоланиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.
Агентлик хабарида айтилишича, Ўзбекистон бир неча ойдан бери Франциянинг Thales Alenia Space ширкати бидан ҳамкорликни ўрнатиш масаласини муҳокама қилмоқда ва музокаралар натижасида, ушбу ширкатнинг Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очиши кутилмоқда.
"Бир нечта француз компаниялари, хусусан Франция-Италия қўшма корхонаси Thales Alenia Space қўшнингиз Туркманистонга 2011 йилда сунъий йўлдош сотган эди. Ўзбекистон ҳам ўз телекоммуникация соҳаси учун сунъий йўлдош қуриш имкониятларини таклиф қилишимизни сўраб мурожаат қилган", дейди агентлик билан суҳбатда ЕИХТИ президенти.
Thales Alenia Space - фазовий тадқиқотларда қўлланиладиган электроник жиҳозлар ва транспорт воситалари, ҳарбий зирҳли транспорт ва қурол-аслаҳа, фазовий объектларга қарши радар тузилмаларини ишлаб чиқарувчи Европадаги етакчи Thales Group халқаро компаниясининг бир бўлимидир.
Бундан ташқари, ЕИХТИ президенти Тошкентда иккита француз университети ҳамда либослар дизайни билим юрти очилиши режалаштирилаётганини ҳам қўшимча қилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Франция президенти Эммануэль Макрон таклифига асосан, 8 октябрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Францияга боради.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг президент сифатида Европа Иттифоқи ҳудудига илк сафари бўлади.
Ташриф арафасида Мирзиёев Франция фуқароларининг Ўзбекистонга 30 кунгача визасиз сафар қилишига рухсат бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Президент фармонига кўра, Франция фуқароларига визасиз режим Ўзбекистон ва Франция ўртасида ўзаро маданий, илмий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, халқаро муносабатларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида жорий этилмоқда.
Ўзбекистон расмий матбуотига кўра, Франциядан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 2016 йилда 4 889 кишини ташкил қилган бўлса, 2018 йилнинг дастлабки саккиз ойида бу кўрсаткич 9 минг 172 нафарни ташкил қилган.
Расмий матбуотда берлишича, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 2017 йилда 251 миллион долларни ташкил қилган, бунинг 143 миллион экспорт, 108 миллиони эса импортдир.