Тошкентлик М.Собиров собиқ хотинига алимент сифатида 207 миллион сўм (25 минг доллардан кўпроқ) маблағни тўлаб берди. Бу ҳақда Repost.uz Мажбурий ижро бюросига таянган ҳолда хабар қилди.
Хабарда айтилишича, Собиров узоқ йиллардан бери алимент тўлашдан бош тортиб келган ва натижада икки нафар фарзанди учун 4 миллион сўм алимент қарз бўлиб қолган.
Мажбурий ижро бюросининг Миробод туман бошқармаси ходимлари билан учрашувдан сўнг Собиров алиментни бира-тўла тўлаб битиришга қарор қилган ва болалари балоғатга етгунга қадар тўланадиган 207 миллион сўмни тўлаб қўйган.
Хабарда айтилишича, июль ойида қонучиликка бола балоғат ёшига етгунига қадар тўланадиган алимент пулини бирданига тўлаб қўйишга рухсат берувчи ўзгартишлар киритилган.
Алиментчи тўлов сифатида кўчмас мулкни, ҳаракатланувчи мулкни ёки бошқа қимматбаҳо нарсаларни кўрсатиши мумкин.
Бу ҳолатда энг кам иш ҳаққининг 250 миқдори, яъни 46 миллион сўмга тенг бўлган гаров шартномаси тузилади. Бу ҳужжат алиментчига Ўзбекистондан ташқарига чиқиш ҳуқуқини ҳам беради.
Расмий маълумотда айтилишича, 2018 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 254 минг 400 одам алимент тўламаяпти.