Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Фарғона вилоятидан келган ҳашарчилар билан далада пахта терди, деб хабар берди Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Хабарда билдирилишича, ҳоким пахта йиғим-терими мавсумида иштирок этаётган ҳашарчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бу ишни амалга оширган.
Бироқ ҳоким айнан қайси туманда ва айнан қайси фермер хўжалигида бўлгани, неча кило пахта тергани тўғрисида аниқ ва асосли маълумотлар берилмаган.
“Вилоят ҳокими ҳашарчилар билан суҳбатда бўлиб, илғор теримчиларга совғалар топширди. Вилоятда сўнгги икки кунда об-ҳавонинг бироз ноқулай келиши пахта хомашёсини териб олишда қийинчиликлар туғдирди. Айни шу паллада вилоят ҳокими ташаббускорлик кўрсатиб, теримчилар ҳолидан хабар олиш ҳамда намуна бўлиш мақсадида пахта теримида иштирок этиб, пахтакорларнинг кўнглини кўтарди”, дейилади хабарда.