Ўзбекистонда Атом электр станцияси Навоий ва Бухоро вилоятлари оралиғидаги Тўдакўл сув омбори яқинида қурилади. Бу ҳақда Фанлар академияси Ядровий физика институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов Тошкентда 9 октябрда ўтган семинар пайтида маълум қилди.
Олимнинг айтишича, АЭС учун Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташқари Фарғона водийси ҳамда Сурхондарё вилоятида 70та майдон ўрганилган. Шу йилнинг мартида 70 майдондан 10таси АЭС барпо этиладиган эҳтимолий ҳудуд сифатида танланган. тадқиқотлар натижасида якуний вариантда АЭС қуриладиган жой сифатида Тўдакўл кўли танлаб олинган.
Илҳом Содиқов Тўдакўлни АЭС қурилиши учун зарур ресурслар етказиб берилишига энг қулай, хавфсизлик жиҳатидан энг маъқул жой сифатида таърифлаган.
Аввалроқ 18-19 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўладиган Россия президенти Владимир Путин АЭС лойиҳаси бошланишида қатнашиши хабар қилинган эди.
АЭС Россиянинг Росатом агентлиги билан ҳамкорликда қурилади. Унинг биринчи навбати 2028 йилга келиб ишга туширилиши режалаштирилмоқда.