Россиянинг fontanka.ru нашри жорий йил бошида Британияда собиқ жосус Сергей Скрипални ўлдиришга ҳаракат қилган учинчи ҳарбий разведкачининг исми Сергей Федотов эканини маълум қилди.
Аввалроқ Bellingcat нашри Британия томонидан Скрипал ва унинг қизини Новичок гази билан заҳарлашда гумонланаётган икки шахснинг ҳақиқий исмлари Александр Мишкин ва Анатолий Чепига эканини аниқлаган эди. Нашрнинг билдиришича, Британияга Александр Петров ва Руслан Боширов деган сохта фамилия билан борган бу шахслар Украинадаги фаолияти учун Россия президенти Владимир Путин томонидан Россия қаҳрамони унвони билан тақдирланган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаслигини 9 октябрда маълум қилди:
-Мен ўтган ҳафта айтган эдим: Биз матбуот ва турли фуқаролик тадқиқот ташкилотлари эълон қилган ҳисоботларни муҳокама қилишда иштирок этмаймиз. Биз мана шу позициямизда собитмиз,-деди Песков.
Fontanka.ru нашрининг 10 октябрда ёзишича, Британия 45 ёшли Федотовни Мишкин ва Чепиганинг жиноий шериги сифатида эълон қилишга тайёр.
Мақолада айтилишича, Федотов Британияга 2016, 2017 ва 2018 йилларда борган. 2018 йилнинг 4 мартида у Мишкин ва Чепига билан бирга яна Британияга келган. Ўша куниёқ Скрипал ва унинг қизи Юлия Солсбери шаҳрида заҳарланган ҳолда топилган эди.