Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонда ўлимлар сонини камайтириш учун тамакига қарши курашни кучайтириш, туз истеъмолини камайтириш, даволашни яхшилаш, соғлом овқатланиш кабиларни тавсия қилди.
11 октябрь куни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Купперс ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Хелен Фрейзер томонидан эълон қилинган баёнотда мана шу ҳақда маълум қилинди.
Баёнотда айтилишича, Ўзбекистонда ўлимларнинг 78 фоизига юрак-қон томир хасталиклари, қандли диабет, саратон ва сурункали респиратор каби ноинфекцион касалликлар сабаб бўлмоқда.
Мазкур касалликларни даволаш ва профилактика қилишга йил сайин 9,3 триллион сўм сарфланмоқда. Бу эса 2016 йилги маълмуотга қараганда, ялпи ички маҳсулотнинг 4,7 фоизига тенг.
Ўзбекистон фуқароларининг ҳар тўрт нафардан бири ушбу турдаги касалликлардан 70 ёшга етмасдан бевақт вафот этмоқда.
Тадқиқотларда қайд этилишича, Ўзбекистонда эркакларнинг 25 фоиздан кўпроғи тамаки чекади, катта ёшли аҳолининг ярмидан кўпроғи ортиқча вазнга эга.
Ўзбекистон тузни кўп миқдорда истеъмол қилувчи мамлакатлардан бири бўлиб, аҳоли жон бошига бир кунда 15 грамм асосида туз истеъмол қилинади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса кунига 5 граммдан кўп бўлмаган миқдорда туз истеъмол қилишни тавсия этади.
30 фоиздан ортиқроқ аҳолининг қон босими юқори, ҳар беш катта ёшлининг бири юрак хуружи ёки инсульт хавфи билан яшайди.