Қаршида 90 одамнинг овқатдан заҳарланишига сабаб бўлгани айтилаётган шахс прокурорга пора бераётганида ушланди

Иллюстратив сурат.

Қаршида 90 нафар одамнинг овқатдан заҳарланишига сабаб бўлган шахс прокуратура ходимига пора бераётганида қўлга олинди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабар беришича, «Бахтли оила» тўйхонаси учун уй шароитида майонезли салатлар тайёрлаган эркак овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғамаслиги ва жавобгарликка тортмаслиги учун Қарши прокурорига пора таклиф қилган.

Бу шахс13 октябрь куни прокурор Ш. Нажмиевнинг хизмат хонасида 500 доллар миқдорида пора бераётганида қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 211-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

27 сентябрь куни Қаршидаги «Бахтли оила» тўйхонасида ўтказилган тўйдан сўнг 90 киши заҳарланиш аломатлари билан касалхонага мурожаат қилган эди.

Оммавий заҳарланишга санитария меъёрларига амал қилинмасдан тайёрланган «Французча» ва «Смак» салатлари истеъмоли сабаб бўлгани аниқланган.