2018 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги ташқи савдо айланмасига оид рақамларни эълон қилган Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасига кўра¸ бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17.2 фоизга ошган ва 23 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ (23 044¸7 млн.)ни ташкил этган.
Бу рақамнинг 13.7 миллиард долларини импорт ташкил этган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33.3 фоизга ошган.
Мамлакатдан экспорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми эса¸ аксинча¸ 0.4 фозига камайган ва ташқи савдо айланмасининг 9 миллиарддан кўпроғи (9 367,6 миллион)ни ташкил этган.
Статистика қўмитаси эълон қилган рақамларга кўра¸ Хитой ҳам импорт¸ ҳам экспорт бўйича Ўзбекистоннинг асосий ташқи ҳамкори бўлиб қолмоқда. 2018 йилнинг 9 ойи давомида Хитойдан импорт қилинган товарлар 2 491.8 милллион долларни¸ экспорт ҳажми эса¸ 1 937.2 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Хитойнинг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 19.2 фозига тенг бўлса¸ иккинчи ўриндаги Россия билан бу кўрсаткич¸ 18.1 фоизни ташкил этган.
Қозоғистон¸ Туркия ва Корея республикаси 2018 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги бешликка кирган давлатлардир.
Қўмита тақдим қилган ҳисоботга кўра¸ экспорт моддалари бўйича энг катта камайиш хизматлар, пахта толаси, машина ва ускуналар ҳамда бошқа маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келган. Ўзбекистоннинг Хитой ва Россияга экспортининг асосий қисмини олтин ва углеводород маҳсулотлари ташкил этади.