Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан жорий йил 18 октябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.
“Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув, "Суффа" халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси" ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган”, дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, ташриф доирасида илк бор Тошкентда Таълим форуми ва “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилади. Бундан ташқари Навоий вилоятида барпо этилиши режалаштирилаётган атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам ўтказилади.
Ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.
Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.