17 октябрь куни Олмаотада бир гуруҳ этник қозоқлар – Шинжоннинг Или-Қозоқ мухтор округидаги Тўққузтара ноҳиясидан кўчиб келганлар – Остонага мурожаат қилиб, Хитойдаги “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да тутиб турилган яқинларини у ердан олиб чиқишда кўмак сўрашди.
Йиғилганларга кўра, лагердан чиқишга муваффақ бўлган яқинлари уларга маҳаллий расмийлар ижтимоий биноларни “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га айлантираётганларини маълум қилганлар. Олмаотадаги анжуман иштирокчилари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, президентнинг “Нур Ўтан” партияси ва Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан ёрдам сўраганлар.
Сўнгги ҳафталарда Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор ўлкасининг бошқа округларидан келган ўнлаб этник қозоқ Ғарб мамлакатларининг консулхоналари ва халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ўтган ой охирида ШУМЎдан келган бир неча киши Олмаотада матбуот анжумани ўтказиб, Хитойда қариндошлари қатағон қилинаётганини билдирганлар. Меҳмонхонага прокуратуранинг икки вакили келиб, “тинч йиғилиш ўтказиш ва уюштириш тартиби” ҳақида тушунтириш бергани ва бу каби йиғилишлар оқибатлари ҳақида огоҳлантирганидан сўнг матбуот анжуманига якун ясалган.
Шинжонда этник озчилик вакилларини ёппасига “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га йўлланаётгани ҳақида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва жаҳон оммавий ахборот воситалари бонг урмоқда. Хитойда этник қозоқлар таъқиб қилинаётгани ва қамоққа ташланаётгани ҳақида 2017 йил апрелидан бошлаб хабар кела бошлаган.
16 октябрь куни Хитойдаги давлатга тегишли Xinhua агентлиги сайтида эълон қилинган мақолада Шинжон ҳукумати раҳбари Шўҳрат Зокир “лагерлар”ни қонунга мувофиқ равишда фаолият юритаётган “гуманизм” руҳидаги муассасалар эканини, улар террорчилик ва экстремизмга қарши туриш учун барпо этилганини баён қилган.