Ўзбекистонда 2019/2020 ўқув йилида ишга тушадиган Akfa халқаро университети хусусий мулк асосида очилиши кутилаётган илк университетлардан бири бўлади. Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов кўра, бу каби олийгоҳларни ташкил этиш орқали мамлакатда таълим соҳасида очилмаган, янги истиқболларга эришиш мумкин.
А.Абдувоҳитов бу фикрни 17 октябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида ташкил этилган матбуот анжуманида билдирди. Ўзбекистон президентининг “Тошкент шаҳрида Акфа халқаро университетини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ўтган ҳафта Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган.
Қарорда олийгоҳни ташкил этиш ташаббуси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Akfa Medline” МЧЖга оидлиги қайд этилган.
“Akfa Medline” МЧЖ AKFA ширкатлар гуруҳи томонидан ташкил этилган хусусий кўп профилли тиббий марказдир. AKFA ширкатлар гуруҳининг эгаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлиб ҳисобланади.
Таълим инглиз тилида амалга ошириладиган Akfa университети, президент қарорида айтилишича, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг аниқ эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда фундаментал, аниқ, тиббиёт ва гуманитар фанлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш билан шуғулланади.
Университетда таълим кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Университет фаолияти таъсисчилар ҳамда тўлов-контракт асосида ўқишга кирувчи талабалар маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Университет 2022 йил 1 январгача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлашдан озод этилади.