Ўзбек тилининг яшаб қолиши ва ривожланиши учун соҳа мутахассислари жон куйдириши лозим, акс ҳолда унга мисли кўрилмаган талафот етади, дейди филология фанлари доктори Бахтиёр Менглиев (“Оила даврасида”, 18 октябрь). 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ўтказилган давра суҳбатида соҳа вакиллари, зиёлилар тил муаммоларига эътибор қаратган. Профессор Б.Менглиевга кўра, Ўзбекистонда бугун рус ва инглиз тиллари мансаб пиллапояларидан кўтарилишнинг шарти ва гарови бўлиб қолмоқда. Мутахассис бунинг оқибатида “кичик” тиллар умуман кераксиз бўлиб қолиши хавфидан огоҳлантиради. Филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Абдушукуров ҳам хорижий тилларга тақлид сабаб ўзбек тили мақоми пасаяётгани, тил қоидаларининг бузилиши эса оммавий тус олганини қайд этган. Мутахассис соҳадаги камчиликларни бартараф этиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Терминшунослик ва давлат тилида иш юритиш муаммоларини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузиш вақти келганини айтган.