ЖБ Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам сифатини оширишга кўмаклашмоқчи

Жаҳон банки 22 октябрдан Ўзбекистонда “Шошилинч тиббий ёрдам хизматларини такомиллаштириш” лойиҳасини амалга ошира бошлади. Бу ҳақда Газета.uz нашри ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

ЖБ Ижрочи директорлар кенгаши апрелда 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳани тасдиқлаган.

Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида тегишли тайёргарликдан ўтган, зарурий жиҳозлар билан таъминланган ва фаолияти мувофиқлаштирилган тиббиёт ходимлари бахтсиз ҳодисаларда шикастланганларга, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган миллионлаб инсонларга малакали ёрдам кўрсатади.

“Ўзбекистондаги мавжуд шошилинч тиббий ёрдам тизими бутун республика туман ва вилоятларида ихтисослашган шошилинч тиббий ёрдам бригадалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун интеграциялашган ва компьютерлаштирилган диспечерлик хизматлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли чақириқлар юзасидан зудлик билан ҳаракат қилиш бўйича етарлича самарадорликка эга эмас”, дейилади хабарда.

Ушбу йўналишдаги фаолиятга кўпроқ ходимларни жалб қилиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам соҳасидаги врачлар ва ҳамшираларнинг бошланғич тайёргарлик ўқувлари лойиҳа доирасида молиялаштирилади. Бундан ташқари, 60та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари харид қилинади ва республика шифохоналарига тақсимланади, шунингдек шошилинч тиббий ёрдамга, шошилинч акушерлик ва неонатал ёрдамга муҳтож бўлган беморларга ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган тиббий ускуна ва жиҳозлар ҳам сотиб олинади.