Душанбедаги сауна ва меҳмонхона эгалари пойтахт расмийларидан никоҳи бўлмаган жуфтликларни ўз муассасаларига қўймаслик ҳақида буйруқ олганлар.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, эндиликда саунага келаётган жуфтликлардан никоҳ гувоҳномаси ёки никоҳ қайди акс этган паспорт кўрсатиш талаб қилинади. Ёнларида бу каби ҳужжатлари бўлмаган эр-хотинлар бундан буён биргаликда ҳаммомга киролмайдилар.
Ҳар ой хотини билан ҳаммомга боришга одатланган душанбелик Дилшод ўтган ҳафта мазкур тақиқ туфайли саунага киролмаган. Янги тартибдан бехабарлигини айтган Дилшод бу ҳақда аввалдан огоҳлантирмаган расмийлардан нолийди.
Бу каби тақиқ, душанбеликларни ғайриахлоқий тутумдан тийиш учун, хусусий меҳмонхоналарда ҳам жорий қилинган.
Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Имомалига кўра, ташрифчилар устидан назоратни кучайтиришга қаратилган янги тартиб фаҳш ишларининг олдини олиши керак.
“Милиция ходимлари дам олиш жойлари, меҳмонхоналар, сауналарда енгилтабиат аёлларни қўлга олган пайтлар бўлган, кейин бу лавҳалар телевидение орқали кўрсатилган”, деди ИИВ вакили.
Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Тожикистонда716 та ахлоққа зид жиноят қайд этилган, 288 та фоҳишахона фаолияти тўхтатилган.