Россиянинг Оренбург вилояти Бузулук туманида жойлашган қишлоқлардан бирида ўзбекистонлик 16 яшар қиз осиғлиқ ҳолда топилди. Бу ҳақда “Эхо Москви” радиоси ўз манбалари сўзларига таяниб хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, Вояга етмаганлар, ҳомийлик ва васийлик ишлари бўйича Бузулук туман бўлими қизнинг ўлганини тасдиқлаган. Бўлим бошлиғи Ольга Балашева қизнинг оиласи Ўзбекистондан шу йил ёзида кўчиб келганини айтган.
Қиз сентябрь ойида мактабга борган, унинг оиласи устидан ҳеч қанақа шикоят тушмаган, ўзбекистонликлар миграция муддатларига амал қилган ҳолда яшаб келганлар. Ҳомийлик-васийлик бўлими ходимлари қизга ижобий тавсиф берганлар.
Россия Тергов қўмитасининг маҳаллий бўлими ҳодиса юзасидан текширув олиб олиб бормоқда. Ўлим сабаблари ҳали аниқланган эмас.