Кейинги йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда мобиль қурилмалар IMEI-кодлари бўйича қайдга олина бошлайди.
Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-каналининг маълум қилишича, ҳукумат қарори билан жорий этилаётган тизим мобил қурилмалардаги ўзига хос идентификация кодлари тўғрилигини текшириш орқали уларнинг мулкдорлари (эгалари) ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда мобил қурилмалардан уларнинг эгаларини огоҳлантирмасдан ноқонуний ва рухсатсиз фойдаланишга йўл қўймаслик имконини беради.
IMEI (International Mobile Equipment Identity — мобиль қурилманинг халқаро идентификатори) – одатда 15 рақамдан иборат сон бўлиб, у аппаратнинг аккумулятори, қутиси ва калофат талонида ёзилган бўлади. IMEI-кодлар GSM, WCDMA и IDEN тармоқларида ишлайдиган уяли телефонлар, планшетлар ҳамда айрим сунъий йўлдош телефонларида қўлланилади.
Мобил қурилмаларнинг идентификация кодларини рўйхатга олиш ва қўллаш, ушбу йўналишда норматив-ҳуқуқий базани яратиш ва такомиллаштиришда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ваколатли орган, UZINFOCOM эса тизим оператори этиб белгиланган.
Қарорда 2019 йил 1 апрелгача мобил қурилманинг идентификация кодини Интернет тармоғи орқали онлайн режимида рўйхатга олиш ва унинг мақомини текшириш хизмати жорий этилиши ва мобил қурилмани рўйхатга олиш ҳамда маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича ҳудудий пунктлар фаолияти йўлга қўйилиши қайд этилган.