Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 25 октябрь куни Туркиянинг TAŞYAPI ширкати билан Самарқанд вилоятидаги иккита олтин конини ўзлаштириш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Битимга мувофиқ, томонлар Самарқанддаги Ғаллабулоқ ва Қуштепа конларида биргаликда геологик разведка ва ўзлаштириш ишларини олиб боради.
Биринчи босқичда турк ширкати 4 ой ичида технологик жараёнларни ишлаб чиқиш учун металлургик синовлар ўтказади ва лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқади.
Лойиҳанинг илк босқичи ижобий якунланган тақдирда томонлар олтин конини ўзлаштириш бўйича ҳамкорликнинг шакл ва шартлари тўғрисида келишиб оладилар.