Ўзбекистон хукумати буханка нонни нархи давлат томонидан мувофиқлаштириб туриладиган ижтимоий аҳамиятга эга ва стратегик маҳсулот ва хизматлар рўйхатидан чиқариб ташламоқчи. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Вазирлар маҳкамаси қарори лойиҳасига таянган ҳолда хабар қилмоқдалар.
Мазкур ҳужжат қабул қилинган тақдирда, давлат расман нон нархини мувофиқлаштиришни тўхтатади.
Шу йил 15 сентябридан бошлаб Ўзбекистонда бир буханка ноннинг нархи салкам икки баробар - 650 сўмдан 1200 сўмгача ошганди. Орадан кўп ўтмай унинг нархи 1050 сўмга туширилди. Нархларнинг бу йўсинда тебраниб туриши мамлакатда 15 сентябрдан бошлаб нон сотилишида талаб ва таклиф ҳисобга олинган ҳолда эркин бозор нархи жорий этилгани сабаб бўлди.
Нарх сакрашига йўл қўймаслик мақсадида 15 сентябрдан бошлаб 1 навли буғдой уннинг ягона улгуржи баҳоси белгиланди. Мамлакат нон сотилишида янги тартибга мослашиб олганидан кейин ун ҳам бозор нархида сотилиши режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда ижтимоий аҳамиятга эга ва стратегик маҳсулотлар рўйхатига бугунги кунда 21 та маҳсулот киритилган. Ун, пахта ёғи, дори-дармонлар ва тиббий аҳамиятга эга маҳсулотлар, бензин, ғалла, ўғитлар, кўмир ва бошқа маҳсулотлар шулар жумласидандир.