Тожикистон Олий суди Ички ишлар вазирлиги Гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи, милиция генерал-майори Файзулло Гадоевни 28 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Ҳукм 15 октябрдаёқ чиққанини айтган Олий суддаги манбага кўра, собиқ милиция мулозими мамлакат ЖКнинг беш моддаси, шу жумладан, ноқонуний наркотик айланмасида, йирик миқдорда пора олиш ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилишда айбланган.
Тожикистон Олий суди судланувчининг мол-мулкини давлат фойдасига мусодара қилиш ҳақида ҳам ҳукм чиқарди. Шунингдек, Файзулло Гадоев давлат мукофотлари ва “милиция генерал-майори” унвонидан маҳрум этилди.
Ф. Гадоев беш йилдан кўпроқ вақт давомида Тожикистон ИИВ Гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланишига қарши кураш бошқармасига раҳбарлик қилган ва 2017 йил ноябрь ойи охирида бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ўз лавозимини тарк этганди.