Наманган вилоятининг Поп туманида уч фермер пахта топшириш масканига уч тонна қум ва тупроқ аралаштирилган хом ашё топширмоқчи бўлган. Улар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан фош этилган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, прокуратура ходимлари ўтказган тезкор тадбир чоғида пахта топшириш маскани бригадири Фурқат Раҳимов “Шамсиддин-Дилдора” фермер хўжалигида терилган пахта хомашёси остига яширилган 1 тонна тупроқ ва қумни ўтказиб бериш эвазига Шуҳрат Усмоновдан 300 АҚШ доллари ва 400 минг сўмни олиб, қум ва тупроқни жамият ҳудудига тушириб чиққан вақтида ашёвий далиллар билан қўлга туширилган.
Тезкор тадбир жараёнида тумандаги “Олтин замин Расул” ва “Абдурашид ота Т” фермер хўжаликларининг пахта хом ашёси олиб келинган транспорт воситаларининг ҳар бирида полиэтилен қопларда бўлган 1 тоннадан тупроқ ва қум борлиги аниқланган. Умуман, учта фермер хўжалиги томонидан 3 тонна қум ва тупроқ шу куни сотилган 9 694,7 минг сўмлик пахта хомашёси ўрнига ўтказилганлиги аниқланган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан “Поп пахта тозалаш” акциядорлик жамияти қошидаги ПТМ бригадири Фурқат Раҳимов ва жамиятнинг бошқа мансабдор ҳамда моддий жавобгар шахсларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Озодлик Андижон вилоятининг Бўз туманида пахта қабул қилиш пунктларига келтирилаётган пахта орасига яширилмиш қоп-қоп қум топилаётгани ҳақида хабар қилганди.