Қозоғистонда чегарадан одамларни ноқонуний равишда ўтказганлар судланди

Қозоғистоннинг Қўстанай вилоятида чегара хизматининг қатор ҳарбий хизматчилари ва бошқа шахсларга нисбатан суд томонидан ҳукм чиқарилди. Улар Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтилиши факти бўйича айбдор деб топилган.

Маълумотларга кўра, 2 ноябрь куни Қўстанайда 21 киши, жумладан, 13 нафар чегарачи, миграция хизматининг икки нафар ходими ва олти нафар бошқа шахсга нисбатан суд жараёни якунланган. Айблов хулосасига кўра, 13 нафар ҳарбий хизматчи 2016 йил август ойидан 2017 йилнинг июнь ойигача Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғизистондан Россияга йўл олган ноқонуний муҳожирларни Қозоғистон чегарасини қонунга зид равишда кесиб ўтишларига кўмаклашишган ва “бошқа қатор жиноятларга қўл уришган”. Ишда айбдор деб топилганлар ичида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Айблов 44 та ҳолат ва Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича эълон қилган. Судланувчи Бекжан Анарқулов тўрт йил, Каримжон Турсинов эса беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Қолганлар жаримага тортилган, ҳарбий унвонларидан маҳрум қилинган, судланувчиларнинг айримларига умрбод давлат тузилмаларида ишлаш тақиқлаб қўйилган.