Шинжонда “қайта тарбиялаш лагерлари” тўғрисида хабарлар пайдо бўлганидан сўнг Остона Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонасига нота йўллаган. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
Дипломатик нота этник қозоқларнинг фарзандлари Хитойда қолган ёки Шинжонда қамоқда сақланаётган ота-оналари ҳақида видеомурожаат билан чиққанларидан сўнг йўлланган.
"Хитойнинг Остонадаги элчихонасига дипломатик нота юборилди. Шунингдек, Пекиндаги элчихонамиз томонидан ҳам иш олиб борилмоқда. Бу болалардан айримларининг ота-оналарини биз биламиз, улар ҳақидаги маълумотлар ўрганилмоқда. Барча маълумотлар илова қилинган дипломатик нота юборилди, биз маълумотларни ўргандик ва Хитой томонидан ҳам бу борада аниқлик киритилишини сўрадик", деди Смадияров.
ТИВ расмий вакилига кўра, Хитойга сўровнома жўнатилишидан аввал хуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда болалар ва уларнинг ота-оналари ҳақидаги маълумотлар ўрганилган.
"Бу болалар орасида ТИВга расман мурожаат қилмаганлари ҳам бор, шу сабабли биз уларга зарур ҳужжат ва маълумотларни илова қилган ҳолда расман мурожаат қилишни тавсия қиламиз, бу бизга текширув ишларини олиб бориш учун керак", деди Смадияров.
Бу текширувлар қанча вақт олиши ҳақида қозоғистонлик дипломатлардан аниқ жавоб олиб бўлмади.
2 ноябрь куни Олмаотада Хитойнинг Шинжон минтақасидан келган этник қозоқлар Қозоғистон ҳукумати ва халқаро хуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлардан болаларни турли сабаблар билан Хитой ташқарисига чиқиб кета олмаётган ота-оналари билан учраштириш юзасидан ёрдам беришни сўраган. Бу ота-оналар орасида ҳибсда ёки уй қамоғида ушлаб турилганлар ҳам бор.
Хитойда этник озчилик вакиллари, шу жумладан, қозоқларнинг таъқиб қилинаётганига оид хабарлар 2017 йил апрелидан ёйила бошлаган.
Яқинлари Хитойда истиқомат қилувчи қозоғистонликлар Остона ва Пекинга хат ёзиб, қариндошларининг озодликка чиқарилишини сўрамоқдалар. Уларга кўра, қариндошлари “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари” асоссиз равишда ушлаб турилибди.