3 ноябрь кунги Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA)нинг Москвада ўтказилган конгрессида ассоциация президентлигига сайланган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов 6 ноябрь куни Тошкентга келди.
Тошкентда зиддиятли тадбиркорни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ва Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев гулдасталар билан кутиб олишди.
2012 йили АҚШ Молия вазирлиги уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларидан бири сифатида санкция жорий қилган Ғафур Раҳимов АҚШ ҳукумати томонидан "Евроосиëдаги жиноий синдикат" етакчиларидан бири деб таърифланган.
АҚШ Молия вазирлиги томонидан "ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири" ва "дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келаëтган шахс" деб таърифланиб¸ қора рўйхатда қолаëтганига қарамай¸ Ўзбекистон жорий ҳукумати унинг Халқаро бокс ассоциацияси президентлигига номзодини қўлловчи расмий мактуб тақдим этган.
Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари Очилбой Раматов имзо чеккан бу мактубда¸ Around the Rings интернет нашрига кўра¸ “етакчи Халқаро Олимпия федерацияларидан бири бўлган Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA)га Ўзбекистон ватандоши раҳбарлик қилса¸ бу мамлакатимиз учун буюк шараф бўлган бўларди”¸ деб ëзилган жумладан.
Халқаро Олимпия қўмитаси Халқаро бокс ассоциациясини Ғафур Раҳимов президентликка сайланган тақдирда¸ боксни олимпиада спорти мақомидан маҳрум қилиш эҳтимолидан огоҳлантирган.
Халқаро олимпия қўмитасининг 30 ноябрь куни Токиода ўтказиладиган йиллик йиғилишида Халқаро бокс ассоциациясининг Халқаро олимпия қўмитаси аъзолигидан чиқарилиши кутилмоқда.